Инсон учун дунё гўзаллиги, ҳаёт завқи, яқинлари чеҳраси ва она табиатнинг бетакрор рангларини кўришдан ортиқ бахт борми? Кўз –инсоннинг оламни англаш, унинг гўзалликларидан баҳраманд бўлиш имкони. Шу боис кўз саломатлигини асраш, хиралашган нигоҳларга яна нур қайтариш шифокордан нафақат юксак билим ва маҳорат, балки улкан масъулият, сабр-тоқат ва инсоний фазилатларни ҳам талаб этади. Меҳнат фаолиятини беморларга шифо улашишдек хайрли ва савобли ишга бағишлаган шифокорлар вилоятимизда талайгина. Ана шундай шарафли касб эгалари сафида Жиззах шаҳридаги «MARVA NUR MED» хусусий клиникасининг офтальмохирурги, олий тоифали шифокор Улуғбек Каримовнинг ҳам ўз ўрни ва муносиб обрўси бор.
Зиёли оилада таваллуд топган Улуғбек ака болаликданоқ шифокорлик касбига меҳр қўйди. Инсон дардига малҳам бўлиш, беморларга ёрдам бериш истаги унинг қалбида эрта уйғонган эди. Мактаб йиллариданоқ танлаган касбига жиддий тайёргарлик кўрган ёш йигит олий тиббий маълумот олишни ўз олдига қатъий мақсад қилиб қўйди. Камолот пиллапояларида улғайган қаҳрамонимиз 1996 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтига ҳужжат топширди. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, талабалик бахтига муяссар бўлди. Бу эса тиббиёт соҳасига илк қадам қўйган йигит учун катта масъулият ва улкан имкониятлар эшигини очди.
Талабалик йиллари унинг ҳаётида муҳим мактаб вазифасини ўтади. У фақат дарсликлардаги билимлар билан чекланиб қолмади. Касб сирларини чуқур ўрганиш, замонавий тиббиёт янгиликларидан хабардор бўлиш, тажрибали устозлардан сабоқ олишга интилди. Ўз устида мунтазам ишлади, турли давлатларда ўтказилган илмий анжуманларда иштирок этиб, билим ва дунёқарашини бойитди. Чунки у яхши англарди: тиббиётда кечаги билим бугун етарли бўлмаслиги мумкин. Ҳар бир янгиликни ўрганиш, ҳар бир тажрибадан хулоса чиқариш шифокорнинг касбий камолоти учун муҳимдир.
Улуғбек Каримов дастлабки меҳнат фаолиятини вилоят кўз касалликлари шифохонасида бошлади. Бу ерда у назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаб, турли кўз касалликларига чалинган беморларни даволаш жараёнида катта тажриба тўплади. Унинг шифокорлик фаолиятида бир муҳим жиҳат бор: у беморга фақат касаллик тарихи ёки тиббий ташхис нуқтаи назаридан қарамайди. Аввало, унинг дардини тинглайди, руҳий ҳолатини ҳис қилишга интилади. Чунки кўз касаллиги билан юрган инсон учун баъзан шифокорнинг бир оғиз тасаллиси, самимий муносабати ҳам катта куч бағишлайди. Даволаш жараёнида ҳар бир беморнинг имконияти ва руҳиятига қараб ёндашиш, амалга ошириладиган муолажаларни тушунтириш, унинг қалбида эртанги кунга ишонч уйғотишни муҳим деб билади. Унинг фикрича, шифо фақат дори-дармон ёки тиббий муолажада эмас, балки шифокор ва бемор ўртасидаги ишончда ҳам намоён бўлади.
Бемор шифокор ҳузурига келар экан, унинг қалбида турли хавотир ва умидлар бўлади, –дейди Улуғбек Каримов. –Айниқса, кўз билан боғлиқ муаммолар инсонни қаттиқ ташвишга солади. Шунинг учун аввало беморни тинглаш, унинг дардини тушуниш, даволаш жараёни ҳақида атрофлича маълумот бериш керак. Бемор шифокорга ишонса, даволаниш жараёнида ҳам ўзини хотиржам ҳис қилади.
2019 йилдан буён у «MARVA NUR MED» хусусий клиникасида фаолият юритиб келмоқда. Бу йиллар давомида унинг малакаси, амалий тажрибаси ва касбий маҳорати янада сайқал топди. Айни пайтда клиникада лаборатория, физиотерапия, муолажа хонаси, МСКТ, УЗИ, шунингдек, энг замонавий кўз текшириш тиббий ускуналари беморларга беминнат хизмат кўрсатаяпти. Энг муҳими, минглаб беморлар Улуғбек аканинг меҳнати, билими ва масъулияти туфайли кўзларига нур, қалбларига умид қайтганини ҳис этдилар. Зеро, кўриш қобилиятини йўқотиш хавфи билан яшаган инсон учун яна равшан дунёни кўриш, фарзандининг чеҳрасини, яқинларининг табассумларини илгаригидек идрок этишдан ортиқ қувонч йўқ. Шифокор учун эса ана шу қувончга сабабчи бўлишнинг ўзи катта бахт ва меҳнатининг энг юксак эътирофидир. Улуғбек аканинг яна бир эътиборга молик фазилати –ёш мутахассисларга йўл кўрсатиш, билим ва тажрибасини улар билан баҳам кўришга интилишидир. Унинг қўл остида касб сирларини ўрганган шогирдлар бугун тиббиёт соҳасида ўз ўринларини топиб, эл саломатлиги йўлида хизмат қилмоқдалар.
Шогирдларидан Сухроб Очилов айни пайтда вилоят кўз касалликлари шифохонасининг бош шифокори сифатида фаолият юритса, яна бир шогирди, ўғли Асадбек –ота касбини давом эттириб келмоқда. Бу, албатта, ота учун катта қувонч. Чунки шифокорнинг ҳақиқий мероси фақат даволаган беморлари сони билан эмас, балки ўзи ўргатган, касбга йўналтирган шогирдлари билан ҳам ўлчанади.
Дарҳақиқат, Улуғбек ака клиника бош шифокори сифатида жамоа учун яхши раҳбар, беморлар учун эса малакали мутахассис. Клиника шифокорлари –невропотолог Шерзод Бўриев, уролог Миржалол Маматқулов, лор врач Жасур Худойбердиевларнинг таъкидлашича, унинг иш услубида талабчанлик, масъулият ва инсонпарварлик уйғунлашиб кетган. У жамоада ҳамиша ўзаро ҳурмат, касбга садоқат ва бемор манфаатини устувор қўйиш тамойилларига амал қилишга интилади.
Улуғбек акадан ўрнак оладиган, ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп. У доимо ўз устида ишлайди, ҳамкасбларидан ҳам шуни талаб қилади. «Бу замон талаби, бугунги глобаллашув даврида тиббиёт соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда. Хоҳ у шифокор бўлсин, хоҳ ҳамшира, ўз устида ишлаб, муносиб хизмат қилмаса, кўп нарсадан бенасиб қолади», деб уқтиради ҳамиша, –дейди клиника неврологи Шерзод Бўриев.
Беморлар дардига малҳам бўлаётган, Гиппократ қасамёдига содиқ қолган ҳолда самарали меҳнат қилаётган шифокорлар орамизда кўп. Ана шундай инсонлар туфайли одамлар тиббиётга, оқ халат соҳибларига ишонч билан қарайдилар. Улуғбек Каримовнинг ҳаёт йўли ҳам бир ҳақиқатни тасдиқлайди: инсон ўз касбини чин дилдан севса, унинг ҳар бир куни изланиш, ҳар бир ҳаракати эзгулик, ҳар бир ютуғи эса одамлар қувончига айланади. Энг муҳими, шифокорнинг меҳнати натижаси беморнинг дуоси, яна равшан дунёга қайтган нигоҳлари ва миннатдор табассумида намоён бўлади. Шундай экан, инсонларга кўз нури, ҳаётга ишонч ва қалбларга умид улашаётган барча оқ халат соҳиблари ҳамиша эъзозга муносибдир.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.