Савол: Фарзандсизлигимиз сабабли турмушим бузилди. Менга тоғам машина хадя қилганди. Хозир мен билан ажрашаётган аёлим машинада унинг ҳам ҳаққи борлигини айтиб, машинани сотиш орқали унинг ярим пулини талаб қиляпти. Ушбу машинада аёлимнинг ҳам ҳаққи борми ? Ш.Тулаков.
Жавоб: Оила кодексининг 25-моддасида эр ва хотиннинг ҳар бирининг мулки белгилаб қўйилган. Эр ва хотиннинг никоҳга қадар ўзига тегишли бўлган мол-мулки, шунингдек улардан ҳар бирининг никоҳ давомида ҳадя, мерос тариқасида ёки бошқа бепул битимлар асосида олган мол-мулки улардан ҳар бирининг ўз мулки ҳисобланади. Маълум қилишингизча, сизга тоғангиз томонидан машина хадя тарзида берилган экан, демак, юқоридаги моддага асосан бу машина сизнинг ўз мулкингиз ҳисобланади, бунда аёлингизнинг ҳаққи йўқ.
Туротбек ЛАТИПОВ,
Зомин туман адлия бўлими бошлиғи.
***
Савол: Интернетдан онлайн тарзда нуқсонли телефон сотиб олдим. Етказилган зарарни ким қоплайди? К.Намазов.
Жавоб: “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига кўра, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли. Агар товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, қадоғи билан қайтарилган бўлса, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган ва ушбу сотувчидан сотиб олганлигини тасдиқловчи асослар бўлса, истеъмолчининг товарни алмаштириш ёхуд қайтариб олиш ҳақидаги талаби қаноатлантирилиши лозим.
Камолиддин ҚУРБОНОВ,
туман ДХМ маркази директори.
***Қ
Савол: Турмуш ўртоғим маҳалламизда содир этилган ўғирлик жиноятида гумонланиб, ички ишлар идорасига олиб кетилди. У ерда эрим қанча муддатда ушлаб турилади? Б.Ярашова.
Жавоб: Жиноят-процессуал кодексининг 226-моддасига асосан шахсни ушлаб туриш муддати 48 соатдан ошмаслиги лозим. Ундан кўп муддатда фақат суднинг санкцияси билан ушлаб туриш мумкин. Суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан зарур ва етарли асослар тақдим этилганда ушлаб туриш суднинг қарори билан қўшимча равишда қирқ саккиз соатга узайтирилиши мумкин.
Санжар АМИРОВ,
юридик хизмат маркази бош юрисконсульти.
***
Савол: Эрим иш жойида бахтсиз ҳодиса сабабли вафот этди. Бу вазиятда менга пенсия тайинланадими? В.Икрамова.
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, агар фуқаро оиладаги асосий боқувчисини йўқотган бўлса, тўғридан-тўғри яшаш жойдаги Пенсия жамғармаси бўлими ёки вафот этган боқувчисининг охирги иш жойи бўйича ташкилотнинг маъмуриятига ариза орқали мурожаат қилиши мумкин. Боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш учун фуқаро 6 ойдан кечикмай мурожаат этса, пенсия боқувчи вафоти кунидан бошлаб тайинланади. Агар 6 ойлик муддат ўтказиб юборилган тақдирда мурожаат этилган кундан бошлаб тайинланади.
Гулзода МАМАТҚУЛОВА,
юридик марказ бошлиғи.
***
Савол: Кредитга 50 дона автомашина сотиб олганман. Уларнинг барчасини гаровга қўйиб, суғурта қилдирганман. Суғурта шартномаси кредит муддати даврига тузилган эди. Кредит қарзини муддат тугашидан 2 йил олдин тўладим. Суғурта мукофотини олсам бўладими? Л.Худаёров.
Жавоб: Фуқаролик кодексининг 948-моддасига асосан суғурта шартномаси, агар у кучга кирганидан кейин суғурта ҳодисаси юз бериши эҳтимоли йўқолган ва суғурта хавфининг мавжуд бўлиши суғурта ҳодисасидан бошқа ҳолатлар бўйича тугаган бўлса, тузилган муддати келишидан олдин бекор бўлади. Суғурта шартномаси юқоридаги кўрсатилган ҳолатлар бўйича муддатидан олдин бекор бўлганда, суғурталовчи суғурта мукофотининг бир қисмини суғурта амал қилган вақтга мутаносиб равишда олиш ҳуқуқига эга.
Шухрат ТУРСУНОВ,
туман адлия бўлимининг юридик хизмат маркази бош юрисконсульти.
Савол: 1 йилдан буён ижара шартномаси асосида яшайман, хонадон эгаси 10 кунда уйни бўшатиб қўйишимни талаб қилмоқда, бу қанчалик тўғри, уй эгасининг бундай хуқуқи борми? Х.Юлдашев.
Жавоб: Йўқ, ижарага берувчида бундай хуқуқ мавжуд эмас. Фуқаролик кодексининг 615-моддасига кўра, уй-жойни ижарага бериш шартномаси тарафларнинг келишуви билан бекор қилинади.
Баъзи бир холатлар бундан мустасно: агар шартномада узоқроқ муддат белгиланган бўлмаса, ижарага олувчи томонидан уй-жой учун 6 ой мобайнида, қисқа муддатли ижарада эса шартномада белгиланган ҳақ тўлаш муддати ўтганидан кейин 2-мартадан кўпроқ ҳақ тўланмаган бўлса; ижарага олувчи ёки хатти-ҳаракатлари учун ижарага олувчи жавобгар бўлган бошқа фуқаролар томонидан уй-жой вайрон қилинса ёки унга путур этказилса; уй-жойдан ғайриҳуқуқий қилмишларни содир этиш учун фойдаланилган бўлса, ижарага берувчининг талабига биноан суд тартибида бекор қилиниши мумкин.
Агарда Сиз юқоридаги ҳолатларга йўл қоймаган бўлсангиз, ижарага берувчининг уй-жойдан чиқиб кетиш тўғрисидаги талаби устидан фуқаролик ишлар бўйича судларга мурожаат қилиш орқали бузилган ҳуқуқларингизни тиклашингиз мумкин.
Толибжон УМАРОВ,
туман адлия бўлимининг юридик хизмат маркази бош юрисконсульти.