Футбол мухлислари учун ҳақиқий байрамга айланган футбол бўйича 2-лига Жиззах вилоят чемпионати ўз якунига етди. Воҳамизнинг саккизта жамоаси иштирок этган мусобақа давомида майдонда кескин кураш, муросасиз рақобат ва томошабоп учрашувлар кузатилди. Ҳар бир жамоа ғалаба учун бор маҳоратини ишга солиб, чемпионлик сари дадил қадам ташлади.
Чемпионат баҳслари давомида жамоалар нафақат техник ва тактик тайёргарлиги, балки жамоавий бирдамлиги, майдондаги интизоми ҳамда сўнгги дақиқаларгача курашиш қобилияти билан ҳам ажралиб турди. Гуруҳ ва ҳал қилувчи учрашувларда кечган беллашувлар якунида Арнасой ҳамда ЖДПУ жамоалари финал йўлланмасини қўлга киритди.
Ҳал қилувчи баҳс эса мусобақанинг ҳақиқий финалига айланди. Ҳар икки жамоа дастлабки дақиқаларданоқ ҳужумкор футбол намойиш этиб, рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар яратди. Ҳужумлар алмашинуви, аниқ зарбалар ва кескин вазиятларга бой кечган учрашувда мухлислар жами еттита голнинг гувоҳи бўлишди. Якунда ЖДПУ футболчилари 4:3 ҳисобида зафар қучиб, чемпионатнинг олтин медалларига сазовор бўлди. Футболчиларнинг мусобақа давомида кўрсатган маҳоратлари ва жамоавий ўйинлари ўз самарасини бериб, бош соврин — кубокни бошлари узра кўтардилар. Арнасой жамоаси кумуш медаллар билан кифояланган бўлса, учинчи ўрин Ғаллакор жамоасига насиб этди.
Тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга ташкилотчиларнинг медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Худойберди ЗИЁТОВ.
Муаллиф олган сурат.