Қуёш батареялари —қуёш энергиясини тўғридан-тўғри электр токига айлантирадиган фотоволтаик конвертор, яъни яримўтказгичли қурилма бўлиб, улар махсус рамкаларга жойланиб, қуёш панелларини ҳосил қилади. Аниқроғи, қуёшдан олинган ёруғликни электр токига айлантириб беради.Унинг икки тури бор. Аккумулятор билан ишлайдиганини электроэнергия етиб бормаган ёки тез-тез узилишлар кузатиладиган жойларга ўрнатиш мақсадга мувофиқ. Чунки у захирада қуёш энергиясини сақлаб туради ва куннинг исталган вақтида ундан фойдаланиш мумкин.
Тармоқ электростанциясида фақат қуёш панеллари ва инверторлар бўлади. Бу станция электр тармоғи билан параллел тарзда ишлайди. Бу усулдан асосан электр энергиясини иқтисод қилиш, тежаш мақсадида фойдаланилади. Унинг ишлаш принципи қўйидагича: қуёш панелларидан олинган энергияни инвентор 220 ёки 380 волтга айлантириб, куннинг ёруғ вақтида истеъмолчига тўғридан-тўғри етказиб беради. Ортиб қолган энергияни эса давлат электр тармоғида фойдаланиш имкони бўлади. Шунда фойдаланувчи давлат электр тармоғидан деярли фойдаланмаган ҳисобланади. Бу панелни икки томонлама ўз ҳисоблагичи бўлиб, давлат ҳисобидан ва қуёш энергиясидан умумий қанча фойдаланганини кўрсатиб туради.
Қуёш панеллари 300 кундан ортиқ қуёшли об-ҳавосига эга Ўзбекистонда, жумладан, вилоятимизда ҳам ишлаб чиқарилмоқда.
Жиззах политехника институтининг “Муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий маркази” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташрифи якунлари бўйича берилган 9-сонли баёнининг 70-бандида, Жиззах политехника институти олимлари ва талабалари билан биргаликда кремний асосидаги қуёш панелларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш чораларини кўриш топшириғи ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида ва энергетика муаммоларини тадқиқ этиш, шу соҳадаги ишларни амалиётга йўналтириш, муқобил энергияларни ва энергия тежамкорликни тарғиб этиш ва ходимларнинг малакасини ошириш нуқтаи назаридан ташкил этилган.
Мазкур топшириқ ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш мақсадида Жиззах политехника институтига Хитой Халқ Республикасидан умумий қиймати 348000 доллар бўлган ускуналар олиб келиниб, белгиланган бинога ўрнатилди ва инфратузилма билан таъминланди.

Бугунги кунда марказда дастлабки маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, тегишли тартибда тест жараёнларидан ўтказилди ва ижобий натижалар олинди. Хозирда хом ашёларни маҳаллийлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Марказда қўшимча 27 та иш ўринлари яратилган.
Бундан ташқари, профессор-ўқитувчилар ва талабалардан иборат қуёш панелларини истеъмолчиларга ўрнатиб берувчи гуруҳлар ташкил қилинган.
—Марказимизда бир иш кунида жами 50 кВт. қувватли 100 дона қуёш панеллари ишлаб чиқариш имкониятига эга, бу кўрсатгич бир ойда 1000 кВт ни, сони 2000 донани, талаб ошса қуввати 100 кВт. 200 дона қуёш панели ишлаб чиқариш имконияти мавжуд,—дейди физика-математика фанлари доктори, профессор Уруш Юлдошев.
Марказда фаолият олиб борадиган 10 нафар профессор-ўқитувчилардан 4 нафари илмий даражага эга бўлиб, уларнинг 2 нафари фан доктори, 2 нафари фан номзоди ҳисобланади.
Марказ ходимлари ва “Энергетика” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан Европа Иттифоқининг Эрасмус+ фонди таълимда салоҳиятни ошириш дастури доирасида “DEBSEUZ-Ўзбекистонда Қуёш энергияси бўйича бакалаврлар учун мақсадли ўқув дастурини ишлаб чиқиш” грант лойиҳаси ютиб олинди.
Айни кунларда юртимизда энергия тежовчи технологияларни жорий этиш, қуёш панеллари ва қуёш иситиш қурилмаларини ўрнатиш бўйича қатор қулайликлар, солиқ имтиёзлари яратилди.
Хўш, ушбу қурилмаларнинг энг муҳим афзалликлари нималардан иборат? Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах ҳудудий филиали қайта тикланувчи энергия манбаларидан электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар билан ишлаш бўлими муҳандиси Меҳрож Пардаев шундай деди:
—Қуёш панеллари ва сув иситиш қурилмаларидан фойдаланганда электр ва иссиқлик энергияси текинга олинади. Қуёш панеллари орқали электр энергия ишлаб чиқарилганда атрофга ҳеч қандай зарарли газлар чиқмайди. Энг асосийси, қуёш панеллари ўрнатилган пайтдан бошлаб даромад олиб кела бошлайди. Бундай қурилмалар биноларнинг том қисмида ҳамда бўш ер майдонларига ўрнатилганлиги учун ишлаш жараёнида ҳеч қандай шовқин чиқмайди. Замонавий воситалар хонадонни узлуксиз электр энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш имконини беради. Бу қурилмалар жуда осон ва узоқ йиллар техник хизмат кўратиш талаб қилмайди. Чунки махсус қурилмалар синов лабораториялар текширувидан ўтказилган ҳолда ўрнатилганлиги сабаб ўртача 20-25 йил давомида хизмат кўрсатади. Таъкидлаш керакки, бундай қурилма ёрдамида хонадонини электр энергияси билан таъминлаган жисмоний шахслар 3 йил, тадбиркорлик субъектлари эса ўн йил давомида мулк солиғидан озод этилади. Ўз навбатида, жисмоний шахслар қуёш панелларини 3 йил муддатга фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олишлари, тижорат банклари томонидан ажратиладиган кредитлардан фойдаланишлари мумкин. Бунда, 5 киловаттгача бўлган қисмига бўлиб-бўлиб тўлаш имтиёзлари берилади. Қурилмани ўрнатгандан кейин хонадон соҳиби электр таъминоти корхонаси билан электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартнома имзолаш ҳуқуқига эга.
Аҳоли томонидан сотилган электр энергияси учун маблағлар давлат томонидан ҳар ой “Soliq” мобил иловаси орқали олинган электр энергияси “ақлли” электр ҳисоблагичлар ҳар ой қанча сотилганлигини аниқ ҳисоблаб боради. Жараённи телефонда ўрнатилган махсус илова орқали онлайн кузатиб бориш имконияти мавжуд.
Шунингдек, қуввати 100 кВт. ва ундан ортиқ бўлган қуёш панелларидан энергия ишлаб чиқарувчилар ушбу қурилмаларни ўрнатганлик учун мол-мулк ва ер солиғи тўлашда ўн йил муддатга имтиёз берилади. Қуввати 100 кВтгача бўлган қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатувчилар мол-мулк солиғи, ер солиғи ҳамда юридик шахслар томонидан умумий тармоққа сотган электр энергияси учун олган фойдасидан ҳисобланадиган фойда солиғини тўлашдан уч йил муддатга озод этилади.
Зоир ЭРГАШЕВ.