“ФУҚАРО-МАҲАЛЛА-АДЛИЯ” ТИЗИМИ ҚАНДАЙ ИШЛАЯПТИ?

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, уларга кўрсатилаётган давлат ва ҳуқуқий хизматлар кўламини кенгайтиришда адлия органлари ва муассасаларининг масъулияти янада оширилди. Бу борада  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони  қабул қилинган.

Унга кўра, Адлия вазирлигининг қўшимча 4 та янги фаолият йўналишлари белгиланди. Эндиликда адлия органи ходимлари томонидан аҳолининг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва бартараф этиш, фуқароларга ҳуқуқий масалалар бўйича бирламчи бепул юридик ёрдам давлат органлари ва маҳаллаларда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантиришда методик ёрдам кўрсатиб борилади.

 Вилоят Адлия бошқармаси ахборот ҳизмати ташаббуси билан Зомин туманида ташкиллаштирилган пресс-тур юқоридаги фармоннинг ижроси ҳудудда қандай бажарилаётгани ва уларнинг фаолияти билан яқиндан танишиш имкониятини берди.

Вилоятимизда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар дастлаб Зомин туман адлия бўлимига   ташриф буюришди. Замонавий усулда қурилиб, фойдаланишга топширилган иншоотда яратилган шароит шаҳарникидан асло  қолишмайди. Туман адлия бўлими, давлат хизматлари маркази, юридик марказ, архив ва бошқа қатор ташкилотларнинг бир жойда фаолият олиб бориши фуқаролар учун қулайлик ва бир вақтнинг ўзида бошқа масалаларини ҳам ижобий ҳал этиб кетиш имкониятини яратмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган “Адлия куни” тадбирида ҳам иштирок этишди. Адлия органи ходимлари билан аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш учун ҳар ойда маҳаллаларда “Адлия куни” тадбирларини ўтказиш режалаштирилган. Бунда олис ҳудудлардаги маҳаллаларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр давлат хизматлари кўрсатиб борилади.

—Уйма-уй юриш ва “Ҳуқуқий кўмак” акцияларини ўтказиш орқали фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги, “Online-mahalla” платформаси орқали ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларни ҳал этиб бориш вазифамиз,—дейди туман адлия бўлими бошлиғи Валижон Омонов. —Хусусан, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасида муаммоларни ҳал қилишда “фуқаро – маҳалла – адлия” тизими жорий этилди.

— Фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий муаммолари “маҳалла еттилик”лари орқали  “Online-mahalla”  платформасидан фойдаланиб, адлия органларига етказилади,—дейди вилоят Адлия бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари Бунёд Икромов. —Адлия органлари томонидан эса мазкур муаммолар ечимлари бўйича ҳуқуқий тадбирлар, қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқилади. Шу орқали “маҳалла еттилиги”га фуқароларнинг кундалик ҳаётидаги ҳуқуқий масалаларга оид муаммоларини ҳал этиб боришга кўмаклашиб борилади.

Куннинг иккинчи ярмида журналистлар Суффа рекреацион зонасида қурилган янги ФҲДЁ биносини бориб кўришди. Шу ерда пресс-тур иштирокчилари туман ФҲДЁ бўлими ходими томонидан Нуриддин Очилов ҳамда Машхурабону Йўлдош қизига никоҳ тузилганлик ҳақидаги гувоҳномасини тантанали топшириш маросимига гувоҳ бўлдилар.

Пресс-тур иштирокчилари вилоят ва туман адлия идоралари вакиллари ҳамроҳлигида Суффа рекреацион зонасида маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун барпо этилган қатор янги туристик манзилгоҳлар, бунёдкорликлар билан ҳам танишдилар.

 

 Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *