Жиззах шаҳрида велоспортнинг “BMX reysing” (вело-мотокросс) йўналиши бўйича катталар ва ёшлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари ниҳоясига етди. Якуний натижаларга кўра, умумжамоа ҳисобида жиззахлик спортчилар 23 та олтин, 7 та кумуш ва 3 та бронза медалларини қўлга киритиб, биринчи ўринга сазовор бўлдилар.
Мусобақанинг “Классик пойга” йўналишида эркаклар ўртасида ғолибликни жиззахлик велоспортчи Отабек Ибрагимов қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринлар фарғоналик Авазбек Мирзаев ва жиззахлик Жавлон Рахматовга насиб қилди. Аёллар ўртасида ўтган мусобақада ҳам жиззахлик спортчиларга тенг келадигани топилмади. Райхона Душанова биринчи, Нозима Эгамбердиева эса иккинчи бўлиб маррага етиб келишди. Республика велоспорт маҳорат мактаби интернати вакиласи Зарина Абдурахмонова учинчи ўринни эгаллади.
Ёшлар ўртасида ўтказилган пойгаларда ҳам жиззахлик велоспортчиларнинг қўли баланд келди. Артур Стрелцов биринчи, Мухриддин Сафаров иккинчи, Иброхим Абдувохидов учинчи ўринларни эгалладилар. Ёш қизлар ўртасида эса Қорақалпоғистон Республикаси вакили Гулбахар Хожаназарова ғолиб бўлди. Жиззахлик Мадина Абдусаттарова билан Қорақалпоғистон Республикасининг яна бир вакили Айрилам Мехсетбоева иккинчи ва учинчи бўлиб марра чизиғини босиб ўтишди.
Ўсмирлар ўртасида ўтказилган пойгаларда жиззахлик Асилбек Эргашов биринчи, Темур Бобоев иккинчи, Жавоҳир Ўктамов учинчи ўринлар соҳиби бўлдилар. Ўсмир қизлар ўртасидаги пойгада самарқандлик Жасмина Болиева биринчи, фарғоналиклар Робиябиби Одилова ва Соғдиёна Иброхимовалар иккинчи ва учинчи ўринларни эгалладилар.
Кичик ёшли ўсмирлар ўртасидаги баҳсда эса вилоятимизнинг яна бир спортчиси Шахзод Қудратов шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. фарғоналик Абдумалик Абдумаликов ва сирдарёлик Элнур Ситнафаев кейинги ўринлар соҳиби бўлишди. Кичик ёшли ўсмир қизлар ўртасида самарқандлик Гулсанам Самарова биринчи, сирдарёлик Милана Яравая иккинчи, яна бир самарқандлик велоспортчи Райхона Элмуродова учинчи ўринларни эгалладилар.
Мусобақанинг “Жамоавий пойга” йўналишида эркаклар ўртасида жиззахликлар биринчи, фарғоналиклар иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари учинчи бўлиб маррага етиб келдилар. Аёллар ўртасида ғолиблик мезбон жамоага насиб этди. Иккинчи ўринни Республика велоспорт маҳорат мактаби интернати жамоаси, учинчи ўринни самарқандлик велоспортчилар забт этишди.
Ёшлар ўртасидаги беллашувда жиззахлик спортчилар барча рақибларини ортда қолдиришди. Тошкент вилояти ва сурхондарёлик спортчилар уларнинг ортидан маррага етиб келдилар. Ёш қизлар ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари биринчи, Тошкент вилояти ва Республика велоспорт маҳорат мактаб интернати жамоаси иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.
Ўсмирлар ўртасида ўтказилган пойгаларда биринчи ва иккинчи ўринлар мезбон жамоага насиб қилган бўлса, учинчи бўлиб самарқандлик спортчилар маррани заб этдилар. Ўсмир қизлар ўртасидаги баҳсда сирдарёликларнинг қўли баланд келди. Фарғона ва Самарқанд вилоятлари вакиллари пойгани иккинчи ва учинчи бўлиб якунлашди.
Кичик ёшли ўсмирлар ва қизлар пойгасида ҳам жиззахлик велоспортчилар биринчи ўринни эгаллашди.
Умумжамоа ҳисобида жиззахлик спортчилар биринчи ўрин соҳиби бўлдилар. Иккинчи ва учинчи ўринларни Қорақалпоғистон Республикаси ва Сирдарё вилояти жамоалари эгалладилар.
Мусобақа ғолиблари республика Спорт вазирлигининг диплом ва медаллари ҳамда Жиззах вилоят ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси вилоят бўлимининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.
Васил ИЛЁСОВ.