РОЖДЕСТВО НИШОНЛАНДИ

7 январь куни мамлакатимизда православ оламининг Рождество байрами кенг нишонланди.

Рождество– насронийларнинг ҳар йили Исо алайҳисcалом таваллудини хотирлаб байрам қилинадиган диний маросимлардан биридир. Бу йилги байрам дунёнинг кўплаб православ черковларида нишонланди.

Православ насронийлар 6 январь тунда Рождество байрамини кутиб олиш учун Николай Угодник соборида бўлиб ўтган ибодатда қатнашдилар. Тошкент ва Ўзбекистон митролити Викентий ўзининг байрам йўлланмасида барчага соғлиқ, меҳр-оқибат, юртимиз ривожига улкан зафарлар тилади.

Байрам муносабати билан Жиззах шаҳридаги Николай Чудотворец черковида уюштирилган тадбирда иерей ота Николай  қатнашиб, йиғилганларни байрам билан табриклади.

Рождество тунида православ черковлари ва қабристонлари яқинидаги барча ҳудудлар узлуксиз ёритилиб, транспорт қатнови учун қулай шароитлар яратилди. Байрам муносабати билан рождество арчаси шодиёналари, рус диаспорасининг ҳимояга муҳтож фарзандлари учун байрам тантаналари ташкил этилди.

– Бу байрамни оилавий яхши кўрамиз ва ҳар йили интиқлик билан кутамиз,– дейди Жиззах шаҳридаги “Кимёгар” маҳалласида истиқомат қилувчи Галина Гагарина. –Бу кунда турмуш ўртоғим ва яқинларим билан бир дастурхон атрофида жамланиб, ният қиламиз. Байрам куни беморлар, ёлғиз кексалар  холидан хабар олиб, совғалар улашамиз. Тилагим шуки, дунёда тинчлик бўлсин, меҳр-оқибат ва саховат ришталари бизни ҳеч қачон тарк этмасин. Яна бир бор Рождество байрамингиз муборак бўлсин!

Наталья БЕСЕДИНА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *