ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ МИРЗАЧЎЛДА БЎЛДИ

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги билан танишиш мақсадида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Aбдураҳмонов Жиззах вилоятига ташриф буюрди.

Ташриф давомида у Мирзачўл туманидаги “Шерзод Бекзод” фермер хўжалиги дала майдонини кўздан кечирди. Вазирга вилоят ҳокими в.б Улуғбек Мустафоев ҳамроҳ бўлди.

Фермер хўжалигининг 18 гектарлик контурида хорижий пахта нави 76 схема асосида якка қатор қилиб экилган. Ўз вақтида ва сифатли амалга оширилган агротехник тадбирлар туфайли ҳар гектардан 40–45 центнер ҳосил олиш имконияти яратилган. Пахта йиғим-терими эса замонавий пахта териш машиналари ёрдамида олиб борилмоқда.

Вазир агротехник ишларни тўлиқ ва сифатли якунлаш, пахтани нест-нобуд қилмасдан ўз вақтида йиғиб олиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳосилга ҳосил қўшиш мақсадида десикация жараёнини зудлик билан амалга ошириш зарурлигини ҳам қайд этди.

Ўз навбатида, вазир пахта терим жараёнларининг машиналар ёрдамида ташкил этилишини бевосита кузатди ҳамда илғор агротехник амалиётларни синовдан ўтказиш мақсадида пахта териш машинасида ўзи ҳам терим ишларида иштирок этди.

Ташриф давомида 60 гектар буғдойдан бўшаган ҳудудда такрорий экин сифатида экилган мош даласи ҳам кўздан кечирилди. Мошнинг ўсиши яхши бўлиб, ҳар гектардан 20 центнер ҳосил олиш кутилмоқда.

Вазир қисқа вегетация даврига эга ва бозорда талаб юқори бўлган экинларни такрорий экин сифатида экиш нафақат ер унумдорлигини сақлаш, балки хўжалик даромадини оширишга ҳам хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, ҳосилдорликни ошириш учун зараркунандаларга қарши ўз вақтида курашиш, сифатли уруғликдан фойдаланиш ҳамда суғориш тизимини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар берди.

Бугунги кунда пахта етиштиришдаги юксак натижалар мамлакатимиз аграр соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг амалий самараси сифатида намоён бўлмоқда.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *