“Президент Олимпиадаси–2026” мусобақаларида воҳамиз вакиллари ўз маҳорати, жисмоний тайёргарлиги ва ғалабага бўлган интилиши билан эътибор қозонмоқда. Мусобақанинг навбатдаги дастурларидан ўрин олган пара сузиш, спорт курашлари ҳамда 3х3 баскетбол баҳсларида вилоятимиз спортчилари бир қатор совринли ўринларни эгаллаб, делегациямиз медаллар жамғармасини бойитди.
Жумладан, пара сузиш баҳсларида Лазизбек Раимқулов икки маротаба шоҳсупага кўтарилди. У 100 метрга чалқанча сузиш дастурида учинчи натижани қайд этиб, бронза медалига сазовор бўлди. Шунингдек, 50 метрга эркин усулда сузиш баҳсида ҳам маррага учинчи бўлиб етиб келди.
Кураш гиламида эса жиззахлик полвонлар юқори натижаларни қайд этди. Аёллар курашининг 42 килограмм вазн тоифасида Одина Ҳамиджонова барча рақибаларидан устун келиб, олтин медални қўлга киритди. Унинг ҳар бир беллашувдаги дадил ҳаракатлари ва кураш усулларидан унумли фойдаланиши чемпионлик сари йўл очди. 58 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Одинабону Довурқулова ҳам муносиб кураш олиб бориб, финал босқичига қадар етиб келди ва якунда кумуш медаль билан тақдирланди.
Эркин кураш баҳсларида Отабек Бобоёров 44 килограмм вазн тоифасида рақибларини мағлуб этиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. 41 килограмм вазнда беллашган Азизбек Бўрибоев эса учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалига сазовор бўлди.
Жамоавий баҳсларда ҳам воҳамиз қизлари ўзларини кўрсатишди. Баскетболнинг 3х3 йўналишида майдонга тушган вилоят жамоаси кескин ва муросасиз учрашувларда муносиб ўйин намойиш этиб, якунда учинчи ўринни эгаллади. Лазиза Акбарова, Баҳора Пўлатова, Фарзона Ўразалиева ва Нозима Ортиқмуродовадан иборат жамоа бронза медалларини қўлга киритди. Бу натижага спортчиларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, тезкор қарор қабул қилиши ва жамоавий ҳаракатлари муҳим аҳамият касб этди.
Шу тариқа, Жиззах вилояти спортчилари навбатдаги беллашувларда иккита олтин, битта кумуш ва бешта бронза медалини қўлга киритди. Мусобақалар давом этмоқда.
Худойберди ЗИЁТОВ.