НУР БОРКИ, ҲАЁТ БОР

Хонадонингизда бир соат чироқ ўчиб қолганини тасаввур қилинг, кайфиятингиз ўз-ўзидан бузилади. Бажариб турган ишингиз чала қолади, кўзингизга нафақат уйингиз, ҳатто дунё қоронғу бўлиб кўринади. Фаровонликни ҳар ким ўз “тарозиси” билан ўлчайди, лекин бу ўринда халқаро мезонлар бор. Инсон ҳаёти мобайнида узлуксиз электр энергия қулайликларидан фойдаланиши ўша мезоннинг асосларидан ҳисобланади.

Давлатимиз халқининг яхши яшаши, барча қулайликлардан фойдаланиши учун ҳамма имкониятларни ишга солмоқда. Шу жумладан, электр қувватидан чекланмаган миқдорда фойдаланиши учун янги-янги дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилаётир. Аҳоли сони ошиб бормоқда, электр энергияси қуввати билан ишловчи завод ва фабрикалар, тадбиркорликка асосланган корхоналар сафи кун сайин ўсмоқда.

Электр энергетика тармоғига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини энергия ресурслари билан барқарор ва сифатли таъминлаш мақсадида вилоятимизда   қуввати 520 МВт бўлган буғ-газ иссиқлик электр станцияси қурилишига старт берилганлиги ҳақида газетамизда хабар берган эдик.

Туркиялик инвесторларнинг таклифига биноан янги барпо этиладиган станция учун 500 млн. АҚШ доллари сармоя киритилиб,  қуввати  550 МВтга етказиладиган бўлинди.

 2025 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган иссиқлик электр станциясида йиллик 4,1 млрд. кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Янги барпо этиладиган электр станцияси вилоят йиллик электр истеъмолини 1,6 млрд. кВт соат ортиғи билан қоплайди. Натижада 700 млн. куб табиий газ тежалишига эришилади.

Энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти 2022 йил 22 сентябрда “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Вилоятимизда қуввати 1000 МВт гача бўлган шамол электр станцияларини қуриш имкониятларини ўрганиш бўйича Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва Хитойнинг China Huadian Overseas Investments, CNEEC ва SANU Renewable Energy компаниялари ўртасида меморандум имзоланди. Мазкур келишув бўйича China Huadian Overseas Investments компанияси инвестор сифатида, CNEEC компанияси бош пудратчи, SANU Renewable Energy компанияси эса шамол турбиналарини етказиб берувчи сифатида лойиҳада иштирок этади.

Таъкидлаш керакки, мазкур меморандум доирасида Хитой компаниялари томонидан Ўзбекистонга 1 миллиард доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилади.

 Айни пайтда Ғаллаорол туманида йиллик қуввати 220 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиши бошланди. 150 миллион долларлик объектни қуриш учун 600 гектар ер майдони ажратилган бўлиб, лойиҳанинг ягона инвестори  Маsdar (БАА) ҳисобланади. Шуни таъкидлаш керакки, қуёш фотоэлектр станциялари амалда атроф-муҳит учун хавф туғдирмайди. Ғаллаорол фотоэлектр станциясини ишга тушириш 2024 йилга мўлжалланган. Лойиҳага кўра  бу ерда 100 та иш ўрни яратилади.

Шунингдек, Фориш туманида ҳам қуёш фотоэлектр станцияси, Зафаробод туманида иккита кичик электр станциялари қурилиши бошланди.

 Ҳозирги пайтда аҳоли ва саноат корхоналарини электр энергияси билан сифатли таъминлашни давр талаби даражасига кўтариш энг муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу вазифани “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах ҳудудий филиали жамоаси ўз зиммасига олган. Жамоа 111 та подстанция, 13885,5 км. электр тармоқлари ва 4732 та трансформатор пунктига техник хизмат кўрсатади. 2023 йилда таъмирталаб 3297,2 км (100 фоиз) электр узатиш тармоқлари,  ўта юкланиш билан ишлаётган 13 дона трансформатор катта қувватлисига алмаштирилди. Ҳар хил қувватли 33 та трансформатор захираси яратилди.

2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида мойли ускуналарнинг кафолатли ишлашини таъминлаш максадида 140 тонна трансформатор мойи харид қилиниб,  ускуналар мой сатҳи меъёрига келтирилмоқда.

— Вилоятимизда 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумини беталофат ўтказилиши учун истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида барча шаҳар ва туман электр тармоқлари корхоналаридаги 509 нафардан зиёд ходимлар таркибида жами 100 та тезкор бригада, 100 та автомашина ва 33 та махсус автомашина шай ҳолатга келтирилди,—дейди  “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Жиззах ҳудудий филиали раҳбари Бахтиёр Ибрагимов.

Дарҳақиқат, вилоятимизнинг 1708 нафар нурчилари касб байрамларини муносиб меҳнат ютуқлари билан кутиб олишмоқда. 290892 нафар истеъмолчига жорий йилнинг шу давригача 2 млрд. 40 млн кВт соат электр энергияси етказиб берилди. Шунингдек, ҳукумат фармон ва қарорлари, давлат дастурлари ижросини таъминлашда соҳа мутахассислари фаоллик кўрсатишди.

Байрам муносабати билан тизимда меҳнат қилаётган 123 нафар ходим раҳбарият, касаба уюшма қўмитаси томонидан пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Барча ходимлар махсус иссиқ  кийим-бош билан таъминланди. 74 нафар ходимга сиҳатгоҳларга  имтиёзли йўлланма берилди. 210 нафар ходим  республикамизнинг  тарихий шаҳарлари бўйлаб  саёҳатда бўлишди.

Касб байрами муносабати билан ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спортнинг мини футбол, шашка, шахмат ва стол тенниси турлари бўйича мусобақа ўтказилди ва ғолиблар рағбатлантирилди.

Хонадонларимизни нурга, қалбларимизни қувончга тўлдираётган соҳа ходимларини касб байрамлари билан самимий табриклаймиз. Сиз борки нур бор, ҳаёт бор.

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *