Ҳар бир инсон суд залига адолат умидида қадам қўяди. Фуқаролик ишлари бўйича судларда низолашаётган томонлар учун ҳар бир ҳужжат, ҳар бир қарор муҳимдир. Хўш, фуқаролик суди жараёнида иш материаллари билан танишиш, улардан нусха кўчириш ёки кўчирма олиш тартиби қандай? Қонун бизга бу борада қандай имкониятлар беради?
Фуқаролик процессуал кодексининг 40-моддасига кўра, суд ишларидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхаси фақатгина ишда иштирок этувчи шахслар ёки уларнинг қонуний вакилларига берилади. Бунинг учун улар томонидан тегишли ариза тақдим этилиши лозим. Ҳужжатлар нусхаси суд раҳбарияти ёки судянинг ёзма рухсати билан девонхона мудири, архив мудири ёки судя ёрдамчиси томонидан берилади. Ушбу кодекснинг 279-моддасига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг баённомаси билан танишиб чиқишга ва унда йўл қўйилган хатоликларни баённома имзоланган кундан эътиборан беш кун ичида кўрсатиб, ёзма равишда фикр-мулоҳазалар билдиришга ҳақли. Суд мажлиси баённомаси устидан эътирознома тақдим этувчи шахслар баённома билан тегишли муддат ҳисобга олинган ҳолда ариза (илтимоснома) берилган куни таништирилади. Баённома билан танишиш натижасида унга нисбатан билдирилган эътирозлар суд томонидан қабулхонада белгиланган иш вақти режимидан қатъий назар, қабул қилиниши лозим.
Суд архивидан нусха олиш — мураккаб эмас, аксинча, қонун билан аниқ тартибга солинган, ҳар бир фуқарога очиқ бўлган ҳуқуқдир. Бунинг учун Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ҳужжатнинг ҳар бир бети учун амалдаги БҲМнинг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Суд ишларида мавжуд бўлган аудио ва видео ёзувларнинг нусхаларини олишни истаган мурожаатчилар буни ўз ҳисобидан амалга оширадилар.
Суд архивида ҳар бир қарор келажак учун асраб қолинади. Демак, ҳар бир фуқаро ҳар доим ўз ҳуқуқини қонуний йўл билан қайта тиклаш имкониятига эга. Бунинг учун фақат тўғри манзилга, тўғри ҳужжатлар билан мурожаат қилиш кифоя.
С.НАБИЕВ,
фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди раиси.
Э.НОРКУЛОВ,
ушбу суднинг архив мудири.